ТАБИИЙ ГАЗ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИ ВА ГАЗ БИЛАН ТАЪМИНЛОВЧИ ТАШКИЛОТЛАР ЎРТАСИДАГИ ЎЗАРО ҲИСОБ-КИТОБЛАРНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДАГИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ҚАРОРИ
Электр ва газ таъминоти бўйича қонунчилик таҳлилини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг “ТАБИИЙ ГАЗ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИ ВА ГАЗ БИЛАН ТАЪМИНЛОВЧИ ТАШКИЛОТЛАР ЎРТАСИДАГИ ЎЗАРО ҲИСОБ-КИТОБЛАРНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА”ги Қароридан бошласак. Ушбу Қарор 2005 йил 26 май куни қабул қилинган бўлиб, унинг тўлиқ матнини қуйидаги ҳавола орқали топишингиз мумкин.
Ушбу Қарорнинг биринчи иловасида “Табиий газ истеъмолчилари ва газ билан таъминловчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисида НИЗОМ” тасдиқланган. Ушбу низом 2005 йил 1 июнидан бошлаб кучга кириши белгиланган.
Ушбу Қарорнинг 3-бандида қуйидаги таъкид мавжуд:
Етказиб берилган табиий газ учун қарзларни ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича аризалар хўжалик судларида ва фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриб чиқилаётганда табиий газ етказиб берувчи ташкилотлар олдиндан давлат божи тўлашдан озод қилинсин, кейинчалик давлат божи суммаси айбдор томондан ундирилсин.
Энди Табиий газ истеъмолчилари ва газ билан таъминловчи ташкилотлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар тартиби тўғрисида НИЗОМнинг асосий бандларига тўхталиб ўтсак.
Низомнинг 4 бандида қуйидаги таъкид мавжуд:
Газ шартномада қайд этилган ҳажмларда ва техник параметрларда, белгиланган нархлар бўйича етказиб берилади.
Демак газ таъминоти шартномада кўрсатилган техник параметрлар ва ҳажмлар бўйича амалга ошиши лозим.
Низомнинг 7 банди:
Муддати ўтиб кетган қарздорликка эга бўлган газ истеъмолчиларини газ етказиб бериш тармоқларидан узиб қўйиш ва уларга такроран улаш харажатлари истеъмолчилар ҳисобига қопланади.
Агар сиз газ учун тўловни ўз вақтида амалга оширмаган бўлсангиз ва сизни тармоқдан узиб қўйишган бўлишса, таъминотчи сиздан тармоқдан узиш ва улаш харажатларини талаб қилишга ҳаққи бор.
Низомнинг 8 бандидан (аҳолига тегишли қисми):
Газ учун ўз вақтида ҳақ тўланмаган тақдирда аҳоли муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,1 фоиз миқдорида, бироқ муддати ўтказиб юборилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлайди. Мажбуриятларнинг бажарилмаслиги форс-мажор ҳолатлар оқибатида юзага келган тақдирда истеъмолчи пеня тўлашдан озод қилинади.
Амалдаги қарздорлик учун пенялар мавжуд, лекин пеня миқдори умумий қарзнинг 50%идан ошиши мумкин эмас.
Низомнинг 9 банди қуйидагича:
Газ етказиб берувчи томонидан газ шартномавий ҳажмлардан кам етказиб берилган тақдирда газ етказиб берувчи муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун мажбуриятнинг бажарилмаган қисми суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, бироқ етказиб берилмаган газ қийматининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлайди. Мажбуриятларнинг бажарилмаслиги форс-мажор ҳолатлар оқибатида юзага келган тақдирда газ етказиб берувчи пеня тўлашдан озод қилинади.
Демак, газ етказиб берилиши шартнома кўрсатилганидан кам миқдорда етказиб бериладиган бўлса, етказиб берувчи ҳам пеня тўлаши лозим. Форс-мажор ҳолатлар бундан мустасно. Демак шартноманинг форс-мажорга аталган банди билан яхшилаб танишиш лозим, ва агар у ерда кўрсатилган сабаблар юзага келмаган тақдирда, газ таъминоти идорасидан етказилган зарарни қоплашни талаб қилиш мумкин.
Айнан шу 9-банднинг сўнгида ушбу ҳолат тасдиқланган:
Газ етказиб берувчи ёки газ билан таъминловчи ташкилот шартномага кўра истеъмолчига газ етказиб берилмаслиги ёки тўлиқ етказиб берилмаслиги оқибатида етказилган реал зарарни ва бой берилган фойдани қоплайди.
Низомнинг 12 банди:
Аҳоли истеъмол қилинган газ ҳажми учун ҳисобга олиш прибори кўрсаткичлари ёки тузилган шартномаларга ва ҳудудий газ билан таъминловчи корхона томонидан берилган абонент дафтарчасига мувофиқ белгиланган нормативлар бўйича ой тамом бўлгандан кейин 10 кун мобайнида ҳақ тўлайди.
Бунга кўра, сиз ўтган ой учун ишлатилган газ учун ушбу ойнинг 10 санасига қадар пеня ҳисобламасдан тўловни амалга оширишингиз мумкин. 10 санадан кейин, пеня ҳисоблаш бошланиши керак.
Низомнинг 13 ва 14 бандлари:
13. Газ қийматига белгиланган муддатда қисман ёки тўлиқ ҳақ тўланмаган тақдирда, ҳудудий газ билан таъминловчи корхона 2 кун муддатда истеъмолчини ҳосил бўлган қарзни ўн кун муддатда тўлаш зарурлиги тўғрисида хабардор қилади.
14. Агар кўрсатилган муддатда истеъмолчи олинган газ қиймати учун ҳақ тўламаса, у газ таъминлаш тармоғидан узиб қўйилади. Истеъмолчидан дебиторлик қарзларни бундан кейин ундириб олиш ҳудудий газ билан таъминловчи корхона томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Демак, сизнинг қарзингиз ой тугаганидан кейин 22 кун муддат ичида тўланмаса, таъминотчи сизни тармоқдан узиб қўйиш ҳуқуқига эга.
Бугунга ушбу қонун лойиҳасини кўриб чикдик, ўйлайманки, унда ўзингизга фойдали бўлган маълумотларни олдингиз. Шуни эслатиб ўтаманки, ҳар бир фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқларини билиш ва керак бўлган жойда, уларни талаб қилиш имкониятига эга.
Filed under: Қонунчилик by tolib
Leave a Reply