ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИГА ГАЗ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ҚОИДАЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ
Ушбу Қарор 2000 йил 10 январда тасдиқланган. Қарорнинг амалдаги версияси тўлиқ матни билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
Ушбу Қарор иловасида “Ўзбекистон Республикаси истеъмолчиларига газ етказиб бериш ҚОИДАЛАРИ” тасдиқланган. Ушбу қоидаларнинг эътиборга молик жиҳатлари тўғрисида бироз тўхталамиз.
Коидаларнинг 3-бўлимида газ сотиш тартиби белгиланган. Унга кўра «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси истеъмолчиларнинг буюртманомаларини ҳисобга олган ҳолда келгуси йилга республика бўйича газ балансини тузади. Келгуси йилга республика бўйича тасдиқланган газ балансига мувофиқ «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси минтақалар бўйича истеъмолчиларга газ етказиб беришнинг йиллик ва чораклик ҳажмларини тақсимлайди ҳамда газ етказиб беришнинг белгиланган ҳажмларини газ етказиб берувчилар, ҳудудий газ таъминоти корхоналарига етказади.
3.4 бандга асосан, аҳоли энг асосий газ етказиб бериш объекти бўлиб ҳисобланади:
3.4. Қуйидагилар газ етказиб беришда устунликка эга бўладилар:
— аҳоли;
— қонун ҳужжатларида назарда тутилган табиий монополиялар субъектлари томонидан мажбурий хизмат кўрсатилиши керак бўлган истеъмолчилар;
— газ учун ҳақ тўлаш бўйича қарзи бўлмаган ҳамда жорий (шартномавий) тўловлар бўйича олдиндан ҳақ тўлаш шартлари билан шартнома тузган истеъмолчилар.
4.7 бандга асосан газ етказиб берувчи газни етказиб беришга, истеъмолчи эса газни олишга мажбурдир. Банднинг тўлиқ матни қуйидагича:
4.7. Газ етказиб берувчи, газ узатиш ташкилоти ва ҳудудий газ таъминоти корхоналари газ етказиб беришга, истеъмолчи эса ўртача суткалик меъёрлар доирасида ой давомида бир маромда, истеъмолчининг суткалик меъёридан воз кечиш зарурати бўлган ҳолларда — томонлар ўртасидаги диспетчерлик жадваллари бўйича газ олишга мажбурдир.
4.10 бандга асосан, ҳудудий газ таъминоти корхоналари газ тақсимлаш станциясидан чиқиш жойида газ босимини шартномада назарда тутилган миқдорда сақлаб туриши лозим.
4.11 банд ҳам асосий эътиборни қаратиш лозим бўлган банд ҳисобланади. Унга кўра, совуқ тушган даврда аҳолини узлуксиз газ билан таъминлаш мақсадида, бир қатор корхоналар ёқилғининг захира турларига ўтказилиши лозим.
4.11. Совуқ тушган даврда аҳолини ва коммунал-маиший истеъмолчиларни газ билан узлуксиз таъминлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан «Ўзнефтгазназорат» инспекцияси, газ етказиб берувчилар, газ узатиш ташкилоти ва ҳудудий газ таъминоти корхонаси ҳамда истеъмолчилар иштирокида корхоналарни ёқилғининг захира турларига ўтказиш жадваллари тузилади, жадваллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Тасдиқланган жадваллар барча манфаатдор ташкилотларга жўнатилади. Жадваллар газ етказиб беришнинг режалаштирилган ҳажмлари аҳоли ва коммунал-маиший истеъмолчиларнинг меъёрдаги газ истеъмолини таъминламаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси рухсати билан ҳудудий газ таъминоти корхонаси томонидан амалга киритилади.
Жадвалга киритилган корхоналар ва ташкилотлар ёқилғининг камаймайдиган захирасига эга бўлиши ва совуқ тушган даврда ундан фойдаланишга ўтиши керак.
5-бўлим газ сарфини ҳисобга олиш ва газ учун ҳисоб-китоб қилиш тартибига бағишланган. 5.4 бандга кўра аҳоли фойдаланадиган газ ҳажми аҳоли хонадонларида ўрнатилган ҳисобга олиш приборлари бўйича, улар бўлмаганда — тасдиқланган нормалар бўйича аниқланади.
5.7 бандга кўра шартнома томонларидан ҳар бири иккинчи томон вакилига истеъмолчилар томонидан газдан фойдаланишни ҳисобга олиш приборларини ва ҳужжатларини текшириш имкониятини яратишга мажбурдир.
5.10 бандга кўра истеъмолчи фойдаланган газ учун ҳисоб-китоблар тартиби, тўлов муддати ва шакллари газ етказиб бериш шартномасида белгиланади.
Газ етказиб беришни тўхтатиб кўйиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:
6.1. Истеъмолчиларнинг газ қурилмалари қониқарсиз, авария вазиятини келтириб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи ходим ҳамда аҳоли ҳаёти учун хавфли ҳолатда бўлган тақдирда газ етказиб берувчи, газдан фойдаланиш хавфсизлигини назорат қилиш органлари тақдимномасига кўра, истеъмолчини хабардор қилган ҳолда, газ етказиб беришни зудлик билан тўхтатиб қўйишга мажбурдир.
6.2. Газ узатиш ташкилоти ва ҳудудий газ таъминоти корхоналари:
газ етказиб берувчи томонидан кўрсатилган вақт мобайнида форс-мажор ҳолатлари бўлганда;
етказиб берилган газ учун ҳақ тўлаш бўйича қарз мавжуд бўлганда;
газдан фойдаланишдаги камчиликлар ваколатли назорат органлари белгилаган муддатларда бартараф этилмаганда газ етказиб беришни қисман камайтириш ёки батамом тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга.
6.3 бандга кўра газ етказиб берувчи газнинг сифати меъёрий талабларга мувофиқ бўлишини таъминлашга мажбурдир.
6.6 банд авариялар юзага келганда огоҳлантириш лозимлиги ҳақида
6.6. Газ етказиб берувчи, газ узатиш ташкилоти, ҳудудий газ таъминоти корхонаси ва истеъмолчи объектларда газ етказиб беришни ёки қабул қилиб олишни камайтирувчи авариялар ва носозликлар тўғрисида газ етказиб бериш шартномаларида белгиланган тартибда бир-бирларини хабардор қилишга мажбурдирлар.
Агар газ етказиб беришдаги камчиликлар туфайли зарар кўрган бўлсангиз, таъминотчи бу зарарни қоплаб бериши шарт. Ушбу ҳолат 6.8 бандда келтириб ўтилган:
6.8. Газ етказиб берувчи, газ узатиш ташкилоти ёки ҳудудий газ таъминоти корхонаси газ етказиб бериш шартномасига кўра, ушбу Қоидаларда назарда тутилган қоидаларни ҳисобга олган ҳолда, истеъмолчига газ етказиб берилмаслиги ёки тўлиқ етказиб берилмаслиги оқибатида етказилган реал зарарни ва бой берилган фойдани белгиланган тартибда қоплайди.
7.1 бандда ушбу Қоидаларни бузган ҳолатдаги жавобгарлик тўғрисида келтириб ўтилган:
7.1. Газ етказиб берувчи, газ узатиш ташкилоти, ҳудудий газ таъминоти корхонаси ва истеъмолчи ушбу қоидаларни бузганлик учун Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Ушбу Қарорнинг таҳлили сизга фойда беради деган умиддаман.
Filed under: Қонунчилик by tolib
Leave a Reply